ВЕНОДИОЛ-УЛЬТРА гель
Венодиол-Ультра гель ангиопротектор таъсир кўрсатади, жароҳатлар ва веноз етишмовчилик натижасида кузатиладиган шишларни камайтиради, капиллярлар деворини ҳимоя қилади, гематомаларнинг яққоллигини камайтиради, оёқларда оғирлик ҳиссини бартараф қилади.
ТАРКИБИ
1 г гель қуйидагиларни сақлайди: гепарин натрий 1000 ХБ, троксерутин 20 мг, эсцин 10 мг.
ҚЎЛЛАНИЛИШИ
- варикоз синдром ва унинг асоратлари, флеботромбоз, тромбофлебит, юзаки перифлебитлар ва веноз яралар каби юзаки веналарнинг касалликларида;
- юзаки веналарда ўтказилган жарроҳлик аралашувларидан кейинги даврда;
- дисциркулятор веноз етишмовчилик, шу жумладан жароҳатдан кейинги, қонталашлар, инфильтратлар, шишлар, оёқларда оғирлик ҳисси ва оғриқ синдроми билан намоён бўлувчи веноз етишмовчиликда қўлланади.
ҚЎЛЛАШ УСУЛИ ВА ДОЗАЛАРИ
Фақат сиртга қўллаш учун мўлжалланган. Гель қўлланганидан сўнг қўлларни яхшилаб ювиш керак.
Гель терининг шикастланмаган, зарарланган соҳасига юпқа қават қилиб суткада 2-3 марта суртилади. Дори воситасини қўллаш давомийлиги шифокор томонидан, касалликнинг оғирлиги ва кечишига қараб белгиланади.
Болалар ва ўсмирлар
12 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларда ушбу мажмуани қўллаш ҳавфсизлиги ва самарадорлиги аниқланмаган.
ЧИҚАРИЛИШ ШАКЛИ
Сиртга қўллаш учун гель 50 г дан алюмин тубаларда.
ФАРМАКОЛОГИК ҲУСУСИЯТЛАРИ
Фармакодинамикаси
Венодиол-Ультра ангиопротектор таъсир кўрсатади, жароҳатлар ва веноз етишмовчилик натижасида кузатиладиган шишларни камайтиради, капиллярлар деворини ҳимоя қилади, гематомаларнинг яққоллигини камайтиради, оёқларда оғирлик ҳиссини бартараф қилади. Препаратнинг таъсир механизми унинг таркибига кирувчи компонентларнинг таъсири билан ифодаланади.
Гепарин маҳаллий қўлланганида тромбинни биосинтезини блоклайди, фибриногендан фибринни ҳосил бўлишини олдини олади, антикоагулянт, антиэкссудатив ва ўртача даражада яллиғланишга қарши таъсир кўрсатади.
Эсцин оддий сохтакаштан (Aesculus hippocastanum L.) уруғидаги тритерпен сапонинлар аралашмаси ҳисобланади. Шишга қарши, антиэкссудатив, яллиғланишга қарши ва венотоник таъсир кўрсатади.
Троксерутин веноз қон томири эндотелийсида тўпланади, веноз қон томири деворининг субэндотелийсига чуқур киради. Оксидланиш реакциялари томонидан чақирилган эндотелиал базал мембранани шикастланишини олдини олади. Антиоксидант самараси кислороднинг оксидлаш ҳусусиятларини камайтириш ва бартараф қилишда, липид пероксидазаларини ингибиция қилишида ва қон-томирлар эндотелийсини гидроксил радикалларнинг оксидлаш таъсиридан ҳимоя қилишда намоён бўлади. Капиллярларнинг ошган ўтказувчанлигини камайтиради ва веноз фаолликка эга. Цитопротектив самарасига нейтрофилларни фаоллашуви ва адгезиясини ингибиция бўлиши, эритроцитлар агрегациясини камайиши, эритроцитларни деформацияга юқори резистентлигини камайиши ва яллиғланиш медиаторларини ажралиб чиқишини камайиши натижасида эришилади.
Фармакокинетикаси
Гепарин
Каламушларда ўтказилган фармакокинетик тадқиқотларда, гепарин қон плазмасида юборилганидан сўнг 24 соатгача муддатда аниқланиши кўрсатилган; максимал концентрациясига 8 соатдан кейин эришилади. Гепарин асосан буйраклар орқали чиқарилади. Маҳаллий қўлланганида қон ивиши кўрсаткичларида бирор-бир ўзгаришлар юзага келмайди.
Эсцин
Маҳаллий қўлланганида эсциннинг фармакокинетикаси ўрганилмаган.
Троксерутин
Гель қўлланганидан сўнг фаол модда сувда эрувчан гелдан тезда ажралиб чиқади ва терига сингади, дермада тахминан 30 минутдан кейин аниқланади, ёғ тўқимасида – 2-5 соатдан кейин аниқланади.
ҚЎЛЛАШ МУМКИН БЎЛМАГАН ҲОЛАТЛАР
- препаратнинг таркибига кирувчи фаол моддаларга ёки ёрдамчи моддаларидан бирортасига юқори сезувчанликда;
- терини шикастланишлари (куйишлар, экзема, очиқ жароҳатлар) да қўллаш мумкин эмас.
НОЖЎЯ ТАЪСИРЛАРИ
Тери ва тери ости тўқималари томонидан: кам ҳолларда – аллергик дерматит (терини қичишиши, қизариши, тери тошмаси), терида ачишиш ҳисси.
Одатда ушбу симптомлар препаратни қўллаш тўхтатилганидан сўнг тезда ўтиб кетади.
Бундай реакциялар ривожланганида препаратни қўллашни тўхтатиш ва шифокорга мурожаат қилиш керак.
ДОРИЛАРНИНГ ЎЗАРО ТАЪСИРИ
Гелни терининг бир соҳасига маҳаллий қўллаш учун мўлжалланган бошқа препаратлар билан бирга қўллаш тавсия этилмайди.
Гепаринни қўллаш перорал антикоагулянтларни қабул қилаётган пациентларда протромбин вақтини узайишига сабаб бўлиши мумкин.
МАХСУС КЎРСАТМАЛАР
Қон кетишлари бўлган пациентларда препаратни қўллаш синчков баҳоланиши лозим.
Препаратни қон кетишларида қўллаш, очиқ жароҳатлар, шиллиқ қаватларга, терининг экзематоз, яллиғланган ёки шикастланган соҳаларига суртиш, шу жумладан куйган соҳаларига қўллаш мумкин эмас.
Тери яллиғланганида, тромбофлебитда ёки терит ости соҳаси қаттиқлашганида, кучли оғриқда, бир ёки ҳар иккала оёқларни тўсатдан кузатилган шишида ёки ярасида, шунингдек юрак ёки буйрак етишмовчилигида пациентлар шифокор билан маслаҳатлашишлари керак, чунки бунинг сабаби жиддий касаллик бўлиши мумкин.
Гелни қўллаш совуқ компресслардан фойдаланиш, тавсия этилган тиббий компрессион пайпоқларни кийиш каби қўшимча профилактик ёки даволовчи чораларни ўрнини босмайди.
Гелни кўзларга ва шиллиқ қаватларга тушишидан сақланиш керак. Гель ҳар сафар суртилганидан сўнг қўлларни яхшилаб ювиш керак.
12 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларда ушбу мажмуани қўллаш ҳавфсизлиги ва самарадорлиги аниқланмаган, шунинг учун препаратни 12 ёшгача бўлган болаларда қўллаш мумкин эмас.
Препарат таркибида аллергик реакцияларни (эҳтимол кечиккан) чақириши мумкин бўлган метилпарагидроксибензоат ва пропилпарагидроксибензоат сақлайди.
Ҳомиладорликда ва лактация даврида қўлланиши
Ҳомиладор аёлларда препаратни қўллаш бўйича тадқиқотлар ўтказилмаган. Эҳтиёткорлик чораси сифатида препаратни ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойлигида ва лактация даврида қўллаш мумкин эмас. Ҳомиладорликнинг иккинчи ва учинчи уч ойликларида препаратни қўллаш шифокор томонидан белгиланади.
Автотранспортни ҳайдаш ва механизмларни бошқариш қобилиятига таъсири
Венодиол ультра автотранспортни ҳайдаш ва механизмларни бошқариш қобилиятига таъсир қилмайди.